Ўзбекистон ва Грузия савдо айланмасини 80% дан кўпроққа оширди

Дата: 13:30, 12-09-2019.

Тошкент. 12 сентябрь. ЎзТАГ - Ўзбекистон ва Грузия савдо айланмасини 80% дан кўпроққа оширди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"11 сентябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов амалий ташриф билан мамлакатимизга келган Грузия ташқи ишлар вазири Девид Залкалиани билан учрашди", - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабарида.

Учрашув аввалида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон билан Грузия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан бир-бирларини қутладилар.

Шунингдек, томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, сайёҳлик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканини тасдиқладилар.

"Қабул қилинган чора-тадбирлар мажмуаси, шунингдек, ишбилармонларнинг ташаббускорлиги туфайли жорий йилнинг 7 ойида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 80% дан ошди", - дейилади хабарда.

Учрашувда долзарб халқаро муаммолар, жумладан, БМТ ва бошқа ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

 

Сурат манбаи: mfa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: