Ўзбекистон ва Ҳиндистон истеъмолчиларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни кучайтиради

Дата: 22:57, 03-03-2016.

Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Истеъмолчиларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси (ЎИҲҲҚЖФ) ва Ҳиндистон Истеъмолчилар уюшмаси (ҲИУ) ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳақида меморандум имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ЎИҲҲҚЖФдан хабар қилишларича, имзолаш маросими Ченнай шаҳрида (Тамил-Наду , штати) бўлиб ўтди. Бу ерга ташкилот вакиллари 21-28 феврал кунларида ҳинд ҳамкасабалари таклифига кўра ташриф буюрган эдилар.

Ҳамкорлик меморандуми ташкилот раҳбарлари - Жаҳонгир Саримсоқов ва Нирмала Десикан ўртасида имзоланди.

“Меморандумнинг бош мақсади икки ННТ ўртасида тажриба алмашиш, иккитомонлама муносабатларни мустаҳкамлашдир”, – деди Саримсоқов.

Десиканнинг сўзларига кўра, ҲИУ ўзбек ҳамкасблари билан нафақат меморандум доирасида, балки Consumers International ташкилот доирасида ҳам ҳамкорлик қилиш ниятида.

Маълумки, ЎИҲҲҚЖФ ҳозирда Consumers Internationalга кириш учун хужжатларни тайёрламоқда.

Эслатиб ўтамизки, ҳозир Ҳиндистонда 3,5 мингдан зиёд ННТ Истеъмолчиларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

Ўзбекистон Истеъмолчиларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2002 йилда миллий ННТ сифатида таъсис қилинган. Федерация ҳозирги пайтда 14 ҳудудий ассоциациялар, 193 туман ва шаҳар жамиятлари ва 5,5 мингдан зиёд таянч пунктларига эга.

Янгилик билан ўртоқлашиш: