Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди
Тошкент. 11 март. ЎзТАГ – Деҳли шаҳрида ўзбек-ҳинд савдо иқтисодий ва илмий-техникавий ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси ва икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Ўзбектелеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигидан хабар қилишларича, комиссия мажлисида иккитомонлама ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича қўшма қарорлар қабул қилинган. Хусусан, гап фармацевтика, текстиль ва тери-чарм саноатларида конкрет сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида кетмоқда.
Шунингдек, мажлисда иккитомонлама илмий техникавий ҳамкорлик, ахборот технологиялари, туризм, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилиш каби масалалар ҳам муҳокама этилди. Тадбирлар доирасида бирқатор келишувлар имзоланди.
Ҳиндистон Ўзбекистоннинг ҳудуддаги муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2013 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми 29% ўсиб $259,5 млнга етди. Мамлакатда бугун ҳинд капитали иштирокида очилган 65 корхона фаолият юритмоқда.


