Ўзбекистон ва Қирғизистон қатор хужжатларни имзоладилар
Тошкент. 6 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Қирғизистон қатор хужжатларни имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Қўшма баёнот ва Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартномани имзоладилар. Андижон ва Ўш, Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида, икки давлат Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Солиқ қонунчилигига риоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида, Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро, илмий-техникавий ҳамкорлик, Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар, Чегарадош минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси, Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди” – дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.
Кейинчалик, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва амалий руҳда ўтганини, эришилган тарихий келишувлар Ўзбекистон Қирғизистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришини таъкидладилар.
Эслатиб ўтамизки, 5 сентябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикасига давлат ташрифини бошлаган эди.