Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари ҳукуматлараро комиссиянинг ҳамраислари бўлдилар
Тошкент. 6 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари ҳукуматлараро комиссиянинг ҳамраислари бўлдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Томонлар яқиндан ҳамкорликни кучайтирадилар ва Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги иккитомонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия доирасида самарали ишлар амалга оширишни давом этадилар. Томонлар икки мамлакат бош вазирларининг ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари белгиланишини ижобий баҳолайдилар”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасида стратегик ҳамкорлик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларацияда.
Шунингдек, томонлар яқин йилларда ўзаро савдо ҳажми ва номенклатурасини кўп марта ошириш ва кенгайтириш, унинг барқарор ижобий динамикасини сақлаб қолиш учун биргаликда ҳаракатлар қиладилар.
Ҳужжатда таъкидланишича, томонлар автомобиллар йиғиш, қишлоқ хўжалиги техникалари ва бошқа техника турлари, шунингдек, мева-сабзавот, тўқимачилик ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш мақсадларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтирадилар.
“Томонлар бизнес, сармоявий ва бошқа хўжалик фаолиятлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, корхоналар ва иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа субъектлари орасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашадилар. Томонлар икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес-делегацияларининг ўзаро ташрифлар ташкил этадилар, қўшма бизнес-форумлар ўтказишга, уларнинг халқаро савдо ярмаркалари ва кўргазмаларида иштирок этишига кўмаклашадилар”, - деб таъкидланади Декларацияда.
Шу билан бирга, томонлар қўшма бизнес-кенгашлар саноат ихтисослашуви ва агросаноат комплекси корхоналари кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва енгил саноат, транспорт ва алоқа корхоналари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ўзаро инвестицияларни жалб қилиш ва ишбилармонлик кенгашлари яратишга алоҳида эътибор берадилар.
“Томонлар икки мамлакатнинг сайёҳлик ташкилотлари ўртасида сайёҳлар алмашинуви ва ўзаро алоқаларини ташкил этишга кўмаклашадилар”, - дейилади ҳужжатда.


