Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ишчи гуруҳлар учрашувини ўтказдилар

Дата: 14:43, 02-11-2016.

Тошкент. 2 ноябр. ЎзТАГ – Тасдиқланган жадвалга биноан 2016-йилнинг 22-31-октябрда Боткен ва Ўш шаҳарларида Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг учрашувлари бўлиб ўтди, деб хабар қилинади Ўзбекистон ТИВ сайтида. 

“Учрашувлар чоғида Давлат чегара чизиғининг 49 та участкаси бўйича қўшма дала текширувлари ўтказилди ва позициялар келишиб олинди”, - дейилади хабарда.

Музокаралар якунига кўра баённома имзоланди.

“Учрашув 26-октябр кунидаги Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти руҳида бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот чоғида давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки мамлакат ваколатли органлари биргаликда олиб бораётган ишларнинг муваффақиятли якунланишидан томонлар бирдек манфаатдорлигини таъкидлаган эдилар.

Ишчи гуруҳларнинг навбатдаги учрашувини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказишга келишиб олинди”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: