Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараси масалалари бўйича музокараларнинг навбатдаги раундини ўтказдилар

Дата: 15:38, 31-07-2017.

Тошкент. 31 июл. ЎзТАГ – Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон делегацияларининг давлат чегарасини делимитация қилиш масалалари бўйича тўққиз кун давом этган навбатдаги музокаралари якунига етди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Қирғизистон чегара чизиғининг позициялар мос келган алоҳида участкаларини баён қилиш борасидаги биргаликдаги ишлар давом эттирилди. Музокаралар якунларига кўра Баёнот имзоланди. Учрашувлар дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтди”, - деб таъкидлашди ТИВ матбуот хизматида.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаевнинг Остона шаҳрида ШҲТ Саммити доирасида бўлиб ўтган учрашувида икки давлат ўртасидаги давлат чегарасини ҳуқуқий расмийлаштиришни жадаллаштириш тўғрисида эришилган келишувларни амалга оширишнинг муҳим аҳамият касб этишидан келиб чиқиб, Қирғизистон Бош вазири Сооронбай Жеенбеков Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара масалалари бўйича делегациялари раҳбарлари Илҳом Неъматов ва Курбанбай Искандаровнинг давлатлараро чегарани делимитация қилиш бўйича музокараларнинг бориши тўғрисидаги ахборотини тинглади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Илҳом Неъматов Бишкек шаҳрида мазкур масала юзасидан Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Жениш Разаков билан ҳам учрашди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: