Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасидан ўтиш пунктлари ҳақидаги келишувга тузатишларни муҳокама қилдилар

Дата: 18:00, 27-08-2015.

Тошкент. 27 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасидан ўтиш пунктлари ҳақидаги келишувга тузатишларни муҳокама қилдилар, деб хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“2015-йилнинг 25-27-август кунлари Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ҳукуматлари ваколатли экспертларининг музокаралари бўлиб ўтди”, - дейилади ТИВнинг пайшанба кунги хабарида.

Унда томонлар 2004-йил 24-июлда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари тўғрисидаги Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалаларини муҳокама қилганлар.

“Музокаралар натижаларига кўра якуний протокол имзоланди”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, музокаралар доирасида Қирғизистон делегацияси бошлиғи, Қирғизистон Республикаси ТИВнинг алоҳида топшириқлар бўйича Элчиси Батиркан Сиргабаев Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилинди. Учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорлиги масалалари бўйича фикр алмашилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: