Ўзбекистон ва Қирғизистон илк марта биргаликда автоқатновни амалга оширадилар

Дата: 14:22, 20-10-2017.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Қирғизистон илк марта “Тошкент – Андижон – Ўш – Иркештом – Қошғар” йўналиши бўйича биргаликда шу ойнинг охирига мўлжалланган автоқатновни амалга оширадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев билан куни кеча бўлиб ўтган телефон мулоқот якунлари бўйича маълум бўлди.

“Икки давлат раҳбарлари яқинда бўлиб ўтган олий даражадаги ўзаро ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш борасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини анъанавий дўстлик ва амалий руҳда атрофлича муҳокама қилди”, - деб таъкидланади ўзбек давлати раҳарининг матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараларининг қолган участкаларига оид тегишли шартномани ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш ва имзолаш жараёнини тезроқ якунлаш, шунингдек, чегара ўтказиш пунктларининг самарали фаолиятини таъминлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Ўзбекистон раҳбари Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев ҳамда қардош қирғиз халқини жорий йил 15 октябр куни президентлик сайловининг муваффақиятли ўтказилгани билан самимий муборакбод этди.

Умумхалқ сайлови натижалари Қирғизистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва рўй бераётган ўзгаришларга мамлакат аҳолиси юксак ишонч билдириши ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашидан далолат экани алоҳида қайд этилди.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев Президентимиз Шавкат Мирзиёевга президентлик сайлови муносабати билан самимий табрик учун чуқур миннатдорчилик билдирди.

Қирғизистон икки мамлакат ўртасида кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни бундан буён ҳам ривожлантиришга, дўстлик ва стратегик шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: