Ўзбекистон ва Қирғизистон Иссиқкўлга турпоезд ташкил қилишни режалаштирмоқда

Дата: 22:30, 23-01-2017.

Тошкент. 23 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Қирғизистон бўлажак ёз мавсумида ўзбекистонликлар орасида оммабоп бўлган “Тошкент – Иссиқкўл – Тошкент” йўналишида туристик поездини йўлга қўйиш имкониятини муҳокама қилмоқдалар, деб хабар қилади Sputnik Ўзбекистон.

“Ҳозирда икки мамлакат темир йўл маъмуриятлари 451/452 рақамли поездининг ҳаракатланиш жадвалини ишлаб чиқишмоқда. Дастлабки маълумотларга қўра, поезд 2017 йил 25 июндан бошлаб, 3 сентябргача қадар қатнаши режалаштирилган. Лекин бу муддатлар ўзгариши ҳам мумкин, чунки якуний муддат март ойи охирларида тасдиқланади”, - дейилади нашр маълумотида.

Поезд Тошкентдан якшанба кунлари йўлга чиқиб, 27 соат йўл босиши кутилмоқда. Ўзбекистон пойтахтига эса чоршанба куни эрталаб қайтиб келади.

Бундан ташқари, феврал ойида Ўзбекистон туристик фирмалари, касаба уюшмалари ва Қирғизистон маданият, ахборот ва туризм вазирлиги туризм департаменти, Қирғизистон курортлар ассоциацияси вакиллари ўртасида иккитомонлама туризмни ривожлантириш ва поезд қатновини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамизки, ўтган йили поезд чиптасининг минимал нархи 190 минг сўмни ташкил этган эди. Йўловчиларга плацкарт ва купе вагонлари таклиф этилган, шунингдек, вагон-ресторан ҳам мавжуд эди. Ўшанда поезд Қирғизистон пойтахи орқали ўтган, Чимкент ва Жамбулда ҳам тўхтаб ўтган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: