Ўзбекистон ва Қирғизистон камида йилда бир марта давлат раҳбарларининг учрашувларини ўтказиб туришга келишиб олдилар
Тошкент. 6 октябр. ЎзТАГ – Ўзбек-қирғиз муносабатларининг бардавом ривожланиши учун сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш мақсадларида Ўзбекистон ва Қирғизистон камида йилда бир марта давлат раҳбарларининг учрашувларини ўтказиб туришга келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасида стратегик ҳамкорлик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларацияга асосланган ҳолда.
Шунингдек, томонлар, ташрифлар, қўшма тадбирлар ўтказиш ва парламентлараро дўстлик гуруҳлари алмашиш ва алоқалари орқали парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштирадилар. Томонлар икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида яқиндан алоқани йўлга қўйиш мақсадларида ҳукумат раҳбарлари даражасида мунтазам учрашувлар ўтказадилар.
Бундан ташқари, икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари икки томонлама муносабатлар ривожланишини ўрганиш, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиш учун мунтазам равишда учрашадилар.
“Томонларнинг ташқи сиёсий маҳкамалари томонларни қизиқтирган иккитомонлама, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича сиёсий маслаҳатлашувларнинг амалиётини кенгайтирадилар”, - дейилади Декларацияда.
Томонлар Марказий Осиё минтақасида тинчликни мустаҳкамлаш, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш мақсадларида ҳамкорлик қиладилар.
“Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа кўптомонлама ҳукуматлараро тузилмалари доирасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда, ўзаро манфаатларга дахлдор турли халқаро масалаларни кўриб чиқишда бир бирини ўзаро қўллаб-қувватлаб келмоқда” – дейилади ҳужжатда.


