Ўзбекистон ва Қирғизистон “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўлини тез орада амалга оширишдан манфаатдорликларини билдирдилар
Тошкент. 6 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Қирғизистон “Хитой- Қирғизистон- Ўзбекистон” темирйўл магистралини қуриш лойиҳасини тез орада амалга оширишдан манфаатдорликларини билдирдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасида стратегик ҳамкорлик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларацияга асосланган ҳолда.
“Томонлар транспорт алоқаси соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга, транзит эркинлигини таъминлашга тайёрликларини билдирадилар. Шунингдек, томонлар аъзолари бўлган халқаро шартномалар қоидаларини ҳисобга олган ҳолда икки мамлакат транзит салоҳиятини ривожлантиришда бир бирларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини ҳам қайд этадилар”, - дейилади яна ҳужжатда.
Шунингдек, томонлар, янги автомобиль йўлакларини очиш орқали йўл-транспорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар. Бу, шу жумладан, “Кошғар-Иркештам-Ўш-Андижон-Тошкент” ва бошқа ўзаро келишилган йўналишларни ичига олиб, минтақа давлатлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга ёрдамлашади ва уларнинг иқтисодий ривожланиши учун қўшимча туртки беради.
Томонлар ҳаво алоқаси, автомобиль ва темир йўл транспорти соҳасидаи алоқаларни кенгайтириши таъкидланган. Бунга транспорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва Ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш учун масъулиятни белгилаш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишув, шунингдек, “Тошкент-Иссиқкўл-Тошкент” авиарейси ва икки мамлакат ўртасидаги келишилган темир йўл алоқаси ҳақидаги келишувлар ҳам ёрдам беради.
“Томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон шаҳарлари ўртасида автомобиль алоқасини, шунингдек, сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадларида икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги автобус йўналишлари очиш масаласини кўриб чиқиш ниятини изҳор этадилар”, - деб таъкидланади Декларацияда.
Шу билан бирга, томонлар ахборот технологиялари ва электрон-ҳукумат масалалари бўйича ҳамкорликни юқоридаги масалалар юзасидан таждриба алмашиш мақсадларида йўлга қўйишга келишиб олдилар.


