Ўзбекистон ва Қирғизистон Ғова ва қисман Ғовасой участкалари бўйича чегара чизиғини келишиб олдилар

Дата: 12:03, 17-07-2018.

Тошкент. 17 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Қирғизистон Ғова ва қисман Ғовасой участкалари бўйича чегара чизиғини келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Икки давлат ҳукуматлари томонидан тасдиқланган Режа-графикка мувофиқ 2018-йилнинг 9-15-июл кунлари Ўш шаҳрида (Қирғизистон) Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Ҳукуматлари делегациялари ишчи гуруҳларининг навбатдаги музокаралари бўлиб ўтди”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Музокаралар чоғида 2018-йилнинг 2-7-июл кунлари Ўзбекистоннинг Наманган ва Фарғона вилоятлари билан Қирғизистоннинг Боткен ва Жалолобод вилоятлари туташган ҳудудларда жойлашган участкаларда ўтказилган қўшма дала текширувларининг якунлари кўриб чиқилди.

“Қўшма дала текширувлари натижасида икки ҳудуддан, жумладан Ғова участкаси ва қисман Ғовасойдан ўтувчи чегара чизиғи белгиланди”, - дейилади хабарда.

Музокаралар якунида тегишли Баённома имзоланди. Учрашув дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида бўлиб ўтди.

Сурат манбаи: https://www.silkroadbriefing.com/news/archive/page/4/

Янгилик билан ўртоқлашиш: