Ўзбекистон ва Қирғизистон Россия бозорига қишлоқ хўжалик техникасини етказиб беришни режалаштирмоқда

Дата: 12:17, 13-02-2019.

Тошкент. 13 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Қирғизистон Россия бозорига қишлоқ хўжалик техникасини етказиб беришни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, бу ҳақида 12 февралда Тошкентда Қирғизистон Республикаси делегацияси билан учрашувда сўз борди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати тўғрисида фикр алмашилди.

Қайд этилишича, Қирғызистон Республикаси қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазири Қирғизистоннинг картошка, гўшт ва бошқа маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига етказиб беришга қизиқиш билдирди.

Таъкидланишича, учрашув давомида муҳандислик, чорвачилик, уруғчилик каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди. Хусусан, Қирғизистон Республикаси саноат, энергетика ва ер ости бойликлари давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Жиргалбек Сагинбаев биргаликда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникасини Россия Федерацияси бозорига етказиб беришни таклиф этди.

“Биз Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг агросаноат соҳасини ривожлантиришда мамлакатларимизнинг рақобатбардош устунликларидан самарали фойдаланиш тарафдоримиз” - дея таъкидлади Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев.

Учрашув якунлари бўйича томонлар қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва 2019 йилга мўлжалланган режаларни белгилаш бўйича келишувга эришдилар.

Сурат манбаи: haqiqat.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: