Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара вакиллари тўғрисидаги битим кучга кирди

Дата: 09:39, 28-12-2017.

Тошкент. 28 декабр. ЎзТАГ – 26 декабрда 2017-йилнинг 5-сентябрь куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида чегара вакиллари фаолияти тўғрисидаги Битим кучга кирди, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

“Мазкур ҳужжат томонлар чегара вакилларининг давлат чегарасидаги чегаравий можаролар ва низоларни ҳал қилиш билан боғлиқ масалаларни ечиш бўйича фаолиятини тартибга солади”, - дейилади хабарда.

“Битимга мувофиқ чегара вакиллари участкалари доирасида ўз фаолиятида: давлат чегарасини кесиб ўтиш бўйича ўрнатилган қоидаларга риоя этилишини назорат қиладилар ва уни белгиланган тартибни бузган ҳолда кесиб ўтишни олдини олиш бўйича чоралар кўрадилар; ваколатли давлат органлари билан биргаликда ноқонуний мигрантларни депортация қилиш (топшириш) ва контрабандага қарши курашиш бўйича зарур чораларни кўрадилар ва давлат чегарасида хўжалик ишларини амалга оширилиши ҳамда чегара сув ҳавзалари сувидан фойдаланиш, овчилик ва балиқчилик қоидаларига риоя қилиш назоратини таъминлайдилар; давлат чегаралари орқали ёнғинлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва қишлоқ хўжалиги зараркунандаларининг тарқалиши хавфи туғрисида бир-бирларини ўз вақтида хабардор қиладилар”, - дейилади хабарда.

 Таъкидланишича, ушбу икки томонлама ҳужжатнинг кучга кириши давлат чегарасида юз бераётган масалаларни ўз вақтида ечиш учун қўшимча ҳуқуқий механизм сифатида хизмат қилади.

Сурат манбаи: https://kyrtag.kg/society/zayavlenie-uzbekistana-chto-intsident-na-granitse-byl-sprovotsirovan-kyrgyzskoy-storonoy-ne-sootvets

Янгилик билан ўртоқлашиш: