Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки $1,4 млрдлик лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиришмоқда
Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки 2019 йилгача $1,4 млрдлик 21 лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиришмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар билан учрашуви якунларидан маълум бўлди.
“Учрашувда Ўзбекистон билан ИТБ ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, айниқса, томонлар ижтимоий ва иқтисодий йўналтирилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида кенг кўламли ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди. Шу билан бирга, алоқаларни янада тараққий эттириш, янги босқичга кўтариш учун улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди”, - деб таъкидланади ҳукумат хабарида.
Шу билан бирга, фойдаланилмаётган имкониятларни ўрганиш ва ишга солиш, янги лойиҳалар тузиш, шериклик кўламини кенгайтириш мақсадида турли даражадаги делегациялар алмашуви бўйича аниқ ҳаракат дастурини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, суҳбат чоғида Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббусини рўёбга чиқариш – Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида нафақат ислом маданияти, балки умуминсоний цивилизация равнақига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишда ИТБнинг иштироки истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.