Ўзбекистон ва Испания ҳукуматлари ҳамкорлик меморандуми имзоладилар

Дата: 15:48, 14-11-2017.

Тошкент. 14 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Испания ҳукуматлари иқтисодиёт ва саноат соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегацияси Мадрид шаҳрига ташрифи доирасида имзоланди. Испания пойтахтидаги музокараларда савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.

“Бугунги кунда Ўзбекистон ва Испания инвестицион алоқаларни кенгайтириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва номенклатураси кўпайтириш учун етарлича имкониятларга эга бўлиб, 2017 йилнинг январь-июль ойларида бу кўрсатгич $71,5 млнни ташкил этди. Ўзбекистон ва Испания ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги бизнес-форумда иқтисодиётнинг турли соҳаларида биргаликдаги ва ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни амалга оширишнинг истиқболлари батафсил кўриб чиқилди”, - деб таъкидлашди ТИВ матбуот хизматида.

Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Испания Савдо палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: