Ўзбекистон ва Хитой “иқтисодий Ипак йўли” қурилишида ҳамкорлик ҳақида протокол имзоладилар
Тошкент. 18 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Хитой “иқтисодий Ипак йўли” қурилиши ташаббусини амалга оширишда ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида протокол имзоладилар, деб хабар берди Синьхуа агентлиги ХХР тижорат вазирлигига асосланган ҳолда.
“Хужжат душанба куни Шаньдун провинцияси Жичжао (Шарқий Хитой) шаҳрида Хитой-Ўзбекистон ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг 3-йиғилиши доирасида имзоланди. Унга ХХР Тижорат вазири ўринбосари Чжун Шань ва Ўзбекистон ТИАИСВ вазири Элёр Ғаниевлар қўл қўйдилар”, – дейилади маълумотда.
Протокол Хитой ва Ўзбекистон “иқтисодий Ипак йўли”ни биргаликда қуришда амалдаги иккитомонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик механизмини тўлиқ қўллаши, шунингдек, савдо, инвестицион, молия, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигини кенгайтиришини кўзда тутади.
Бунда асосий эътибор товарлар савдосини кўпайтириш, инфраструктура қурилиши лойиҳаларини амалга ошириш, саноат объектларини реконструкция қилиш ва саноат парклари яратишга қаратилади.