Ўзбекистон ва Хитой ИИВ учун кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар

Дата: 14:54, 12-01-2018.

Тошкент. 12 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ва Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги (ЖҲВ) ўртасида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликка доир келишувга эришилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Уларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш Ўзбекистон ИИВ Академиясида ХХРнинг Тошкентдаги Элчихонаси кўмагида ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг расмий вакили Лю Тунпин билан учрашувда муҳокама қилинди.

ИИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув ИИВ Академияси делегациясининг Хитой халқ полиция университети ва қуролли полиция Академиясига 2017 йил 26-29 декабрдаги ташрифи якунлари бўйича ўтказилди.

ИИВ Академияси бошлиғи генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов бўлиб ўтган ташрифнинг натижадорлигини қайд этиб, академик мобиллик доирасида махсус ўқув курсларини, шунингдек Хитой халқ полиция университети ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида ҳар иккала олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва курсантлари учун “маҳорат дарслари”ни ташкил этиш юзасидан ўзаро келишувларга эришилганлигини маълум қилди.

Ўз навбатида, Лю Тунпин эришилган ўзаро келишувларнинг амалий аҳамиятини қайд этиб, расмий вакил сифатида режалаштирилган тадбирлар амалга оширилишини жадаллаштирилишида ҳамма имкониятларни ишга солишини билдирди.

Сурат манбаи: https://www.trend.az/casia/uzbekistan/2840990.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: