Ўзбекистон ва Хитой куч тизимлари ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Дата: 12:27, 04-01-2018.

Тошкент. 4 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Хитой куч тизимлари кадрлар тайёрлаш,  ўқитиш ва таълим технологиялари, илмий тадқиқотлар соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятидалар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир келишувларга Ўзбекистон ИИВ Академияси делегацияси аъзоларининг ўтган йил декабри охирида Хитой Халқ Республикасига ташрифи доирасида эришилди.

Ташриф доирасида Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигига қарашли олий таълим муассасалари билан танишув бўлиб ўтди.

 Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг Хитой халқ полицияси университетига ташриф давомида университет бошлиғи Цао Шицюань ва таълим муассасаси ходимлари билан расмий учрашув бўлиб ўтди.

ИИВ маълумотларига кўра, тадбирда Хитой халқ полицияси университети ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси ўртасида (2017 йил 15 май, Пекин ш.) тузилган ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусида бажарилиши режалаштирилаётган вазифалар юзасидан музокаралар олиб борилди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги университетининг таълим жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида, Университет кутубхонаси, ўқ отиш электрон тири, модуляция ва симуляция маркази ҳамда спорт комплексида бўлдилар.

Делегацияси аъзолари Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг Ланфан шаҳридаги Қуролли полиция академиясига ҳам ташриф буюрдилар, Қуролли полиция академиясининг ўқув жараёнини бошқариш маркази, илмий лабораториялар, спорт майдонлари ва амалий машғулотлар марказининг фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.

Сурат манбаи: https://nuz.uz/politika/19291-uzbekistan-kitay-25-let-vzaimovygodnogo-sotrudnichestva.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: