Ўзбекистон ва Хитой ўртасида авиақатновлар сонини кўпайтириш режалаштирилмоқда

Дата: 12:33, 06-11-2019.

Тошкент. 6 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Хитой ўртасида авиарейслар сонини кўпайтириш режалаштирилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, 31 октябрь куни Пекинда Ўзбекистон ва Хитой авиация тузилмалари вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, томонлар авиация соҳасида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

"Томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасида парвозлар сонини ҳафтасига 15 тага ошириш, Хитойнинг Сиан, Саня, Иу ва Чэнгду шаҳарларидан ўзбек аэропортларига янги қатновларни очиш, шунингдек, авиакомпания қатновларини Пекиннинг янги "Дасин" халқаро аэропортига ўтказиш учун ташкилий ва техник масалаларни ишлаб чиқишга келишиб олдилар", - дейилади хабарда.

Айни пайтда Ўзбекистонга тўғридан-тўғри рейслар Пекин, Урумчи, Шанхай, Гуанчжоу ва Тяньцзин шаҳарларидан амалга оширилаётгани қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Тошкент ва Сиан ўртасида янги чартер қатнови йўлга қўйилган.

 

Сурат манбаи: t.me/Mintrans_uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: