Ўзбекистон ва Хитой қўшма технопаркларни ташкил этиш ва ривожлантиришни муҳокама қилдилар

Дата: 13:47, 30-08-2019.

Тошкент. 30 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Хитой қўшма технопаркларни ташкил этиш ва ривожлантиришни муҳокама қилдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"28 август куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Хитойга расмий ташрифи доирасида инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитой фан ва техника вазири Ван Чжиган билан учрашди. (...) Учрашувда томонлар ўртасида Ўзбекистон-Хитой қўшма технопаркларини ташкил этиш ва ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди", - дейилади Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Хусусан, Ўзбекистондаги технопарк ходимлари ва резидентлари Хитойда тармоқ амалиётидан ўтишга келишиб олдилар. Шунингдек, Хитой билан ҳамкорликда доривор моддаларнинг кимёвий синтези (биологик фаол моддалар) бўйича Қўшма тиббиёт технопаркини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорлик бўйича ўзбек-хитой ҳукуматлараро қўмитасининг илмий-техник ҳамкорлиги доирасида "иқтидорли ёш олимлар"дастури бўйича ишлар олиб борилмоқда.

И. Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, айни пайтда Хитойнинг етакчи илмий марказларида стажировка ўташ учун Ўзбекистон ёш олимларининг стажировка ўташи учун танлов эълон қилиниб, танловга талабномалар бериш жараёни давом этмоқда. "2019 йилнинг сентябрь ойида 20 та мақсадли лойиҳа бўйича танлов эълон қилинади. Танлов ғолибларининг лойиҳалари Ўзбекистон ва Хитой томонидан 2020 йил январь ойидан молиялаштирилади", - дея таъкидлади у.

Таъкидланишича, В. Чжиган яқин вақт ичида мазкур танловни ўзбекистонлик ҳамкорларга ўтказиш ва молиялаштириш регламенти юборилишини ва ўзаро келишув асосида шаффофлик ва очиқликка асосланган танлов қоидалари тасдиқланишини маълум қилди.

 

Сурат манбаи: mininnovation.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: