Ўзбекистон ва Хитой стратегик ҳамкорлик тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар

Дата: 14:53, 23-06-2016.

Тошкент. 23 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Кўксарой” қароргоҳида Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ислом Каримов ва Си Цзиньпиннинг тор доирадаги суҳбатида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди”, - деб таъкидлашди давлат раҳбари матбуот хизматида.

“Биз Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ушбу давлат ташрифини изчил ривожланиб бораётган Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги тарихида муҳим босқич, томонларнинг ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қатъий интилиши ифодаси, деб биламиз. Бугунги кунда Хитой улкан иқтисодий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат сифатида жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатида ҳақли равишда етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Ўзбекистон Хитой билан стратегик шериклик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорликни юксак баҳолайди ва қадрлайди”, - деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга оид масалалар муҳокама қилинди.

 Кўксарой қароргоҳидаги музокаралар якунида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг қўшма баёнотини имзоладилар. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтариш мақсади белгиланган.

Шунингдек, икки давлат ҳукуматлари ва идоралари ўртасида техникавий-иқтисодий, инвестициявий, савдо ва нефть-газ соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, интеллектуал мулк ҳуқуқини муҳофаза қилишга оид ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: