Ўзбекистон ва Хитой ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамламоқда
Тошкент. 21 май. ЎзТАГ – Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва ХХР Раиси Си Цзиньпин Хитой раҳбарининг Шанхай шаҳридаги қароргоҳида учрашув ўтказди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ўзбек президентининг матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Учрашув Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммити доирасида бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини юксак баҳолади ва ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини белгилашда бундай учрашувлар муҳимлигини таъкидладилар.
“Давлатимиз раҳбари ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланаётганини қайд этиб, Хитой раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Ўз навбатида, ХХР раҳбари давлатларимиз ўртасида минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш лозимлигини таъкидлади. Си Цзиньпин Ўзбекистон раҳбари билан бундан буён ҳам яқин шахсий мулоқотни давом эттиришга, икки томонлама муносабатларда “янада юксак марраларга эришиш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга” тайёр эканини қайд этди”, - дейилади матбуот хизмати хабарида.