Ўзбекистон ва ХВЖ ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

Дата: 10:31, 20-05-2019.

Тошкент. 20 май. ЎзТАГ – 17 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) бошқарувчи директори Кристин Лагард ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдидар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан ХВЖ ўртасида конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган ва 2019 йил апрель ойида Пекинда ўтган икки томонлама музокаралар самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва янада кенгайтиришга хизмат қилгани қайд этилди", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, жамғарма Ўзбекистоннинг илғор халқаро тажриба ва билимлар асосида кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришларни тайёрлаш ва амалга оширишда асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

"Кейинги икки йилда жамғарманинг техник кўмаги ҳажми сезиларли даражада ошди: Ўзбекистонга ХВЖнинг 14 та ваколатхонаси ташриф буюрди, солиқ ва молия соҳаларида етакчи халқаро маслаҳатчилар ва экспертлар жалб этилди", - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, жамғарма кўмагида Ўзбекистон ХВФ низомларини тарқатишнинг умумий тизимига қўшилди, Марказий банк ва валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари янги таҳрирда ишлаб чиқилди, солиқ сиёсати ва маъмуриятчилигининг янги концепцияси жорий этилди.

"Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро валюта жамғармасининг келгусидаги ҳамкорлигининг истиқболлари ва устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш, монетар сиёсатининг самарали воситаларини жорий этиш, мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш ва бошқа йўналишларда жадал ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди", - деб таъкидланади хабарда.

К. Лагард таъкидлашича, жамғарма республикада фаол олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини барча тармоқ ва йўналишларни қамраб олган ҳолда юқори баҳолайди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда яқин қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари қайд этилди.

Халқаро валюта жамғармасининг бошқарувчи директори ХВЖ самарали ислоҳотларни амалга ошириш ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашда Ўзбекистонга ҳар томонлама кўмак ва қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: