Ўзбекистон ва Корея футбол федерациялари меморандум имзоладилар
Тошкент. 17 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Жанубий Корея Футбол Ассоциацияси ҳамкорлик меморандуми имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ЎФФ маълумотларига кўра, келишув федерация президенти Умид Аҳмаджоновнинг Сеул шаҳрига хизмат сафари ва Жанубий Корея Футбол Ассоциацияси Президенти Чун Мун Гу билан учрашуви доирасида бўлиб ўтди.
Бу ерда Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Жанубий Корея футбол Ассоцияцияси ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу меморандум икки федерациянинг турли тоифадаги терма жамоаларига ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш ва мусобақаларда иштирок этиш, тегишли мутахассис ва экспертларига ўқув курслари, семинар ва конференцияларда иштирок этиш имконини беради. Бундан ташқари томонлар икки мамлакатнинг турли ёшдаги терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувларини ташкил қилиш бўйича ҳам ҳамжиҳатликда ишлашга келишиб олдилар.
“Жанубий Корея Футбол Ассоциацияси билан имзоланган меморандум юртимизда футболни янада ривожланишига хизмат қилади. Мазкур меморандум асосида Ўзбекистон Футбол Федерацияси ходимлари Жанубий Кореяда амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишишлари, маркетинг, менежмент, реклама, футбол мактаблари, машғулот ўтказиш жараёнлари каби кўплаб фаолиятлар бўйича малака оширишлари мумкин бўлади”, - деб таъкидлади Умид Аҳмаджонов.
Сеулдаги учрашувдан сўнг ЎФФ президенти Япония пойтахти Токио шаҳрига учиб кетди. Токиода 17 ноябр куни Япония Футбол Ассоциацияси Президенти билан учрашув ўтказиш режалаштирилган.


