Ўзбекистон ва Корея меҳнат муҳожирларини саралаб олишнинг шаффофлиги масалаларини муҳокама қилдилар

Дата: 15:20, 25-04-2017.

Тошкент. 25 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Корея меҳнат муҳожирларини саралаб олишнинг шаффофлиги, Кореяда ишлаш учун квоталарни ошириш ва рухсатномалар бериш тартибини қисқартириш масалаларини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу масалалар Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов ва Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У билан учрашувида кўриб чиқилди.

Учрашувда Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини танлаб олиш механизмлари, бу соҳада томонлар ваколатларини аниқлаштириш, холислик, адолат ва ошкоралик принципларини таъминлашга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек Ўзбекистондан меҳнат ресурслари учун квотани ошириш ва Кореяда ишлаш учун рухсат бериш жараёнини қисқартириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Меҳнат вазири Корея томонини ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича Агентлик раҳбарияти таркибига оид қабул қилинган кадр қарорлари, эҳтимолий ишчиларни танлаб олишнинг янги механизмлари ва усуллари, жумладан, минтақавий квоталар ва бу жараённи назорат қилишга жамоатчиликни фаол жалб этиш бўйича таклифлар, аҳоли ўртасида Корея Республикасида қонуний меҳнат фаолиятини олиб бориш тартиби тўғрисида тушунтириш ишлари ўтказилиши ҳақида хабардор қилди. 

Ўз навбатида, жаноб Квон Ён У Меҳнат вазирлиги томонидан минтақавий квоталар бўйича меҳнат мигрантларини танлаб олиш механизми бўйича ишлаб чиқилган янги ташаббус ва таклифлар мантиқий, адолатли ва аниқ натижалар бериши, аввало, жараённнинг одиллигини таъминлашини таъкидлаб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: