Ўзбекистон ва Корея парламентлараро ҳамкорлик масалалаларини муҳокама қилдилар

Дата: 16:39, 04-02-2016.

Тошкент. 4 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Корея парламентлараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) парламент қуйи палатаси сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

“Жорий йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА) ва Корея Республикаси Миллий сайлов комиссиясининг бош котиби Ким Ён Хи бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди”, - дейилади хабарда.

Учрашувда икки мамлакат олий қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликка доир масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.  

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бориши, қонунчилик тизимидаги янгиликлар, хусусан Конституцияга мамлакат Президенти, парламенти, ҳукумати ва суд ҳокимияти ўртасида ваколатлар тақсимоти билан боғлиқ тузатиш ва ўзгартиришлар киритилгани, натижада давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамияти сезиларли даражада кучайгани ҳамда имкониятлари кенгайгани ҳақида сўз борди.

Бундан олдинроқ Корея Республикаси Миллий сайлов комиссиясининг бош котиби Ким Ён Хи бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида бўлгани ҳақида хабар қилинган эди. Унинг доирасида икки мамлакат МСК ҳақида меморандум имзоланганлиги айтиб ўтилган эди.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси БСОАнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. БСОА қароргоҳи Инчхон шаҳрида (Корея Республикаси) жойлашган халқаро ташкилот сифатида 2013 йил октябрь ойида ташкил топган. Ҳозирги вақтда у 102 мамлакатнинг 106та сайлов органини бирлаштиради. Ташкилотнинг мақсади очиқ, шаффоф сайловлар ташкил қилиш ва ўтказиш масалаларида ахборот ҳамда тажриба алмашиш бўйича халқаро ҳамкорликка кўмаклашишдан, шунингдек сайлов органларини демократик сайлов ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини, касбий даражасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда қўллаб қувватлашдан иборатдир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: