Ўзбекистон ва Корея Республикаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида қатор меморандумлар имзоладилар

Дата: 16:10, 17-06-2014.

Тошкент. 17 июн. ЎзТАГ – Куни кеча Тошкентда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасида ўзбек-корейс ҳамкорлигига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Унда ушбу соҳага доир бирқатор меморандумлар имзоланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Форум Корея Республикаси президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтказилди. Анжуман Корея Республикаси илм-фан, АКТ ва истиқболни режалаштириш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан ташкил қилинди.
Форум ишида Корея Республикасининг АКТ соҳасида фаолият юритувчи ташкилот ва компанияларидан 140дан зиёд вакиллар, шу жумладан, Ахборот жамияти миллий агентлиги (NIA), Кореянинг Интернет ва хавфсизлик агентлиги (KISA), Электроника ва телекоммуникация илмий-тадқиқот институти (ETRI) каби бир қатор нуфузли ва етакчи ташкилотларнинг қарийб 40 нафар раҳбарлари иштирок этишди.
Конференцияда корея томонидан сўзга чиқувчи вакиллар Кореянинг АКТ соҳасидаги тажрибаси ва ҳамкорлик истиқболлари ҳақида тақдимот қилишди. Хусусан, “ақлли фермалар” ташкил қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида электрон тижорат каби масалалар бўйича корея тажрибаси келтирилди.
Тадбир доирасида “Unicon.uz” фан-техника ва маркетинг тадқиқотлар маркази ва Корея Республикаси электроника ва телекоммуникациялар илмий-тадқиқот институти, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ва Кореянинг интернет ҳамда хавфсизлик агентлиги ўртасидаги ҳамкорликлар, шу қаторда, Тошкент ахборот технологиялари университети, “UZINFOCOM” маркази ва Корея Республикаси ахборот жамияти миллий агентлиги ўртасидаги ҳамфикрлик, Тошкент ахборот технологиялари университети, Сеул миллий университети ва Кореянинг илм-фан ва технологиялар бўйича етакчи институти ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ва Кореянинг шарқий табобат институти ўртасидаги ҳамфикрлик ҳақидаги меморандумлар имзоланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: