Ўзбекистон ва Корея ўзаро мулоқотнинг “сифат жиҳатидан янги даража”га чиққанини қайд этдилар

Дата: 15:03, 18-04-2018.

Тошкент. 18 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Корея ўзаро мулоқотнинг “сифат жиҳатидан янги даража”га чиққанини қайд этдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бу ҳақида 18-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва билан учрашида сўз борди.

“Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки томон кун тартибидаги долзарб масалалар, айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

Авваламбор, 2017-йилнинг 22-25-ноябр кунлари Сеул шаҳрида Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарларининг самарали саммити доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Таъкидланганидек, стратегик шерикликни ҳар томонлама чуқурлаштириш бўйича давлат раҳбарларининг қабул қилган Қўшма баёноти, ташриф чоғида имзоланган 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги икки томонлама қатор ҳужжатлар Ўзбекистон-Жанубий Корея мулоқотини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқди.

Шунингдек, вазирлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлигини яна бир бор таъкидлаб, ушбу соҳалардаги аниқ қадамларни кўриб чиқдилар.

“Корея Республикаси ташқи ишлар вазири ўз мамлакатининг Корея ярим оролидаги вазиятни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари тўғрисида маълумот берди. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони жорий йилнинг апрел ойидаги кореялараро саммит ўтказилишини маъқуллади ва Корея ярим оролида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик ўрнатиш учун Корея Республикаси саъй-ҳаракатларини қатъиян қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Саммитнинг ижобий натижалари Корея ярим оролининг Жануби ва Шимоли ҳамда бутун минтақанинг янада ривожланиши ва фаровонлиги учун қулай шарт-шароит яратишига ишонч билдирилди”, - дейилади хабарда.

Музокараларда Корея Республикаси Элчиси Квон Ён У иштирок этди.

Сурат манбаи: http://kabar.kg/eng/news/south-korean-film-festival-has-started-in-uzbekistan/

Янгилик билан ўртоқлашиш: