Ўзбекистон ва Латвия парламентлараро алоқалар мавзусини фаоллаштириш масаласини муҳокама қилдилар

Дата: 11:54, 18-04-2018.

Тошкент. 18 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Латвия парламентлараро алоқалар мавзусини фаоллаштириш масаласини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу масала 17-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг мамлакатимизга ташриф буюрган Латвия Республикаси Сейми Спикери Инара Мурниеце билан учрашувида кўриб чиқилди.

“Суҳбат давомида Ўзбекистон-Латвия кун тартибидаги қатор масалалар муҳокама қилинди. Асосий эътибор икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларига қаратилди”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилганидек, давлат мустақилликни мустаҳкамлаш ва миллий қадриятларини сақлаш, очиқ ва рақобатбардош бозор иқтисодиётига эга барқарор демократик давлат қуриш, халқаро ҳамжамият билан тенглик асосида ва кенг миқёсда интеграцияга интилиш каби анъанавий муҳим устувор йўналишлар бўйича томонлар ўхшаш қарашга эга.

“Латвия Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орасида Ўзбекистоннинг иккинчи йирик савдо ҳамкори эканлигини инобатга олган ҳолда савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик доирасида янги дастур ва лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди, бунда иқтисодий, саноат, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Латвия ҳукуматлараро комиссияси муҳим рол ўйнаши қайд этилди”, - дейилади хабарда.

Учрашувда халқаро ва минтақавий аҳамият касб этувчи алоҳида муаммолар ҳам кўриб чиқилди.

Музокараларда Латвия Элчиси Михаилс Попковс иштирок этди.

Сурат манбаи: http://www.freecity.lv/politika/16556/

Янгилик билан ўртоқлашиш: