Ўзбекистон ва Миср Тошкент, Қоҳира ва Хургада ўртасида авиарейсларни йўлга қўйиши мумкин
Тошкент. 5 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Миср Тошкент, Қоҳира ва Хургада ўртасида авиарейсларни йўлга қўйиши мумкин, деб хабар беради Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.
Бу ҳақида Кўксаройда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг кенг доирадаги музокараларида сўз борди. Унда савдо-сотиқ ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шу мақсадда мамлакатлар имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Ш. Мирзиёев икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича катта имконият ва заҳиралар борлигини таъкидлади. Шунингдек, ўзаро савдо учун қулай шарт-шароитлар яратиш, товарлар ва хизматлар экспортини кенгайтириш бўйича истиқболли йўналишларни кўрсатиб ўтди.
“Музокаралар доирасида Ўзбекистондаги қадимий шаҳарлар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун Мисрдан келадиган сайёҳларни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди. Тошкент, Қоҳира ва Хургада ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди”, - дейилади хабарда.
Ўзбекистон Миср бозорида талаб юқори бўлган электротехника, машинасозлик, металлургия, кимё ва нефть-кимё, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилишга тайёрлигини билдиргани таъкидлаб ўтилган.
Ўз навбатида, Миср томони Ўзбекистонга дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, мебеллар, нефть-кимё маҳсулотлари, мармар, тери ва пластик маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда хизмат кўрсатиш имкониятларини кўрсатиб ўтди.
Бундан ташқари, бу борадаги лойиҳалар ва уларни амалга ошириш механизмларини муҳокама қилиш учун Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ишини фаоллаштириш, Ўзбекистон – Миср ишбилармонлар кенгашини ташкил этишга келишиб олинди. Экспорт қилишда транспорт харажатларини камайтириш чораларини кўриш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди, деб қайд этилади шундан сўнг.
Шунингдек, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик бўйича ҳам ижобий натижаларга эришилди. Мисрнинг Ал-Азҳар университети ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олинди.
Шундан сўнг қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳадардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Сурат манбаи: из http://www.press-service.uz