Ўзбекистон ва Норвегия ҳукуматлараро комиссия тузишни режалаштирмоқда

Дата: 11:15, 05-11-2019.

Тошкент. 5 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Норвегия ҳукуматлараро комиссия тузишни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"4 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон-Норвегия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтди", - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, учрашувда икки мамлакатнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги борасидаги ишлар кўриб чиқилди, Ўзбекистон билан Норвегия ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

"Томонлар ҳамкорликни институционализация қилиш, хусусан, икки мамлакат парламентларида ҳамкорлик бўйича гуруҳлар ташкил этиш, Омбудсман институтлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар билдирдилар. Шунингдек, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузиш истиқболлари кўриб чиқилди", - дейилади хабарда.

Учрашув якуни бўйича вазирликлараро мулоқотни мунтазам равишда давом эттиришдан ўзаро манфаатдорлик тасдиқланди.

Сурат манбаи: istockphoto.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: