Ўзбекистон ва Озарбайжон туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди
Тошкент. 3 июль. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Озарбайжон туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси қўмитасининг Бакуда 43-сессиясида иштирок этиш доирасида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Озарбайжоннинг туризм бўйича давлат агентлиги раиси Фуад Нагиев билан учрашув ўтказди.
"Томонлар мамлакатлар ўртасида сайёҳлик оқимининг ошишидан мамнун эканлигини билдирди. Шу билан бирга, ушбу йўналишдаги фойдаланилмаётган улкан салоҳиятни қайд этиб, делегациялар ўртасида ўзаро алмашувни фаоллаштириш, жумладан, халқаро аҳамиятга молик тадбирларда иштирок этиш орқали Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг сайёҳлик салоҳиятини илгари сураётган етакчи телеканалларида эфир вақти билан алмашиш орқали ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, Баку ва Тошкентда реклама билбордларини бепул асосда ташкил этиш, қўшма экскурсларларни биргаликда ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш, тажриба алмашиш, мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш мақсадида "туризм масалалари бўйича элчи" институтининг имкониятларидан фойдаланиш, "Ипак йўли" халқаро туризм университетлари тармоғини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш мақсадида имкониятларидан фойдаланиш кўрсатилган”, - дейилади хабарда.
Учрашув якунида таълим ва илм-фан соҳасида "Ипак йўли" халқаро туризм университети ва Озарбайжон туризм ва менежмент университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Сурат манбаи: uzbektourism.uz