Ўзбекистон ва Қозоғистон “Буюк Ипак йўли” туристик брендини биргаликда илгари суришга келишиб олдилар

Дата: 09:55, 19-12-2017.

Тошкент. 19 декабр. ЎзТАГ – 12-16 декабр “Kazakh Tourism МК” АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари Қайрат Садвакасов бошчилигидаги Қозоғистон туристик маъмурияти делегацияси Ўзбекистонда бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Давлат туризм қўмитаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ташрифнинг  мақсади – миллий сайёҳлик саноатининг ривожлантиришнинг ўзбек тажрибасини ўрганишдан иборат бўлди.

Хусусан, Қозоғистон томони “E-MEHMONXONA” электрон тизими, сайёҳлик (меҳмонхона) йиғими, туризм кадрлар, жумладан, профессионал гид-таржимонлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, миллий туристик маҳсулотни яратиш ва тарғиб қилиш масалалари билан қизиқди.

Ўзбекистон томони бўлиб ўтган учрашувлар ва музокаралар доирасида Қозоғистон делегациясини барча қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди, шунингдек, “Буюк Ипак йўли” туристик брендини биргаликда илгари суриш масаласида иккитомонлама ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, томонлар учинчи давлатлардан келган сайёҳлар учун қўшма  турларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришдилар.

Эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат туризм қўмитаси ўзбек сайёҳлик компаниялари ва Kazakh Tourism МК АЖ вакиллари ўртасида B2B учрашув ташкил этилди.

Сурат манбаи: http://www.baikal-media.ru/news/silkway/324178/

Янгилик билан ўртоқлашиш: