Ўзбекистон ва Қозоғистон ФВВ ҳамжиҳатлик намоён қилди

Дата: 09:54, 20-12-2017.

Тошкент. 20 декабр. ЎзТАГ – 2017 йилнинг 14 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги навбатчилик қисмига Қозоғистон Республикаси Оқтўба вилояти Фавқулодда вазиятлар департаментидан тезкор маълумот келиб тушди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Қорабутоқ-Комсомол-Кўстанай” автомобил йўлининг 78-километрида “Тошкент-Перм” йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи автобуси техник носозлик туфайли тўхтаганлиги тўғрисида маълум қилинди. Автобус ичида 13 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлишган”, - дейилади Ўзбекистон ФВВ хабарида.

 Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг фавқулодда вазиятлар қўмитаси томонидан кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида автобусдаги йўловчилар вақтинчалик яқин аҳоли пунктига эвакуация қилиниб, уларга зарур ёрдам кўрсатилди.

 “Қисқа вақт ичида автобусга техник хизмат кўрсатилиб, барча йўловчилар яна йўлга тушишган. Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Қозоғистон Республикаси ИИВнинг Фавқулодда вазиятлар қўмитаси ўртасидаги конструктив ҳамкорликнинг яна бир яққол мисолидир”, - дейилади вазирлик хабарида.

Сурат манбаи: https://www.fvv.uz/ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: