Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари телефон музокаралари ўтказдилар

Дата: 14:07, 28-11-2017.

Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – 27 ноябрда Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоевлар телефон музокаралари ўтказдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Суҳбатда томонлар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларининг муҳим масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

“Жорий йил аниқ амалий мазмунга бой бўлди ҳамда икки томонлама муносабатларни сезиларли даражада мустаҳкамлаш, янги, сифат жиҳатидан янада юқори босқичга кўтариш имконини берди. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлиги жадал кенгайиб бормоқда, барча даражада, жумладан, чегараолди ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги мулоқот фаоллашмоқда. Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ортди, қўшма савдо уйлари ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон президенти матбуот хизматида.

Давлат раҳбарлари ҳамкорлик бўйича режалаштирилган, аввало, иқтисодиёт соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида биргаликда янада фаол ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидладилар.

“Томонлар ташқи сиёсат ва етакчи халқаро ташкилотлар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этдилар. Суҳбат амалий фикр алмашиш, давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари руҳида ўтди”, - деб хабар беришди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: