Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари товар айланмаси ҳажмини $5 млрдгача кўпайтиришга келишиб олдилар

Дата: 09:48, 25-04-2017.

Тошкент. 25 апрел. ЎзТАГ –  Ўзаро келишувга мувофиқ давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев билан Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида 24 апрел куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақида Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар қилди.

 “Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик фаоллашганини мамнуният билан қайд этдилар”, - дейилади хабарда.

Ҳамсуҳбатлар шу жиҳатдан 22-23 март кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокаралар Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини амалий мазмун билан бойитгани ва ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаб берганини алоҳида таъкидладилар.

“Томонлар яқин йилларда қулай шароитлар яратиш, бизнес субъектлари ўртасида бевосита ва узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш, транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятини ошириш ҳисобидан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини $5 млрдга етказиш ҳақидаги мўлжални тасдиқладилар”, - деб таъкидланади хабарда.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари ҳудудлараро, авваламбор, чегараолди ҳудудлар ўртасида алоқаларни янада кенгайтириш, маданий-гуманитар муносабатларни фаоллаштириш қўллаб-қувватладилар. 

“Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди”, - дейилади хабарда. 

“Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон қардош халқларимизнинг вақт синовидан ўтган ўзаро муносабатларига амал қилган ҳолда, бундан буён ҳам мамлакатларимиз барқарор иқтисодий тараққиётини таъминлашга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашини қайд этдилар”, - деб қайд этилади хабарда. 

Томонлар минтақавий ва халқаро сиёсатга оид айрим масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. 

Эслатиб ўтамизки, 2016 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айланмаси ҳажми $2 млрддан ошди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: