Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳудудда икки зилзила содир бўлди
Тошкент. 30 июн. ЎзТАГ – 29 июн куни тонгда бир соатнинг ўзида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳудудда ўртача кучлиликдаги икки зилзила содир бўлди, деб хабар беришди Қозоғистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари.
ҚР Фавқулодда вазиятлар хизмати тарқатган маълумотга кўра, ҳар икки зилзиланинг кучи 4 балл атрофида бўлган.
Биринчи зилзила соат 5 атрофида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитой чегаралари ўртасида, Алматидан 360 км масофада ва 5 км чуқурликда содир бўлган. Ҳодиса маркази узоқ бўлганлиги сабабли силкинишлар сезилмаган.
Иккинчи ҳолат бундан бир соат кейин – соат 6лар атрофида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳудудда қайд этилган. Зилзила маркази бу сафар 20 км чуқурликда бўлган.
ҚР Фавқулодда вазиятлар хизмати қайд этишига кўра, силкинишлар натижасида жабрланганлар ёки вайронагарчиликлар йўқ.