Ўзбекистон ва Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирликлари келишув ва “Йўл харитаси”ни имзоладилар

Дата: 15:57, 31-10-2018.

Тошкент. 31 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирликлари келишув ва “Йўл харитаси”ни имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳужжатларни имзолаш Қозоғистон пойтахти Остонада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Қозоғистон ҳукумати томонидан ташкил этилган Бирламчи тиббий ва санитар ёрдам кўрсатиш бўйича глобал конференция доирасида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов тадбирнинг иккинчи кунида Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов билан учрашди.

“Дўстона руҳда ўтган мулоқотда соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳаларида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш борасида кўплаб имкониятлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шундан келиб чиққан ҳолда тиббиёт соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида икки томонлама келишув ҳамда “Йўл харитаси” имзоланди”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Сурат манбаи: http://uza.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: