Ўзбекистон ва Қозоғистон Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги М-39 автойўли участкасини очдилар
Тошкент. 12 июл. ЎзТАГ – Куни кеча, 11 июлда Ўзбекистон ва Қозоғистон Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги М-39 автойўли участкасини очдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастурининг хабарига кўра, шу куни Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегараларида жойлашган “Малик” (“Сирдарё”) ва “Оқ олтин” (“Целинний”) автомобиль ўтказиш пунктлари фаолият кўрсатишни бошлади.
Узунлиги 25 километр атрофида бўлган М-39 йўлининг қўшни мамлакат ҳудуди орқали ўтувчи қисми 2006 йилда ёпилган эди. Унинг очилишига икки мамлакат раҳбарларининг келишуви шарофатида эришилди.
Йўлнинг очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Розуқулов, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва бошқа расмий шахслар иштирок этди. Қозоқ томонидан маросимда Қозоғистон инвестициялар ва тараққиёт вазири ўринбосари Роман Скляр, Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Жансеит Туймебаев, Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчиси Ерик Утембаев ва бошқалар иштирок этдилар.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Президентининг 26 апрелдаги қарорига мувофиқ, трасса очилиши 15 майда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ бу сана кўчирилган эди. Йўл орқали фақатгина енгил автомобилларнинг ўтишига рухсат берилади, юклар ва тижорий мақсадлардаги товарларни олиб ўтиш таъқиқланади.
Мақтаарал тумани орқали ўтувчи Ўзбекистон фуқаролари соддалаштирилган тартибда – божхона ҳужжатларини расмийлаштирмасдан тўхталишларсиз транзит билан чегарадан ўтадилар. Бунда фақат давлат чегараларини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.
Нотранзит мақсадларда Қозоғистон йўналишида ҳаракатланувчи Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларига нисбатан чегара назорати қонунчиликда белгиланган тартибда ва Ўзбекистон имзолаган халқаро шартномалар доирасида амалга оширилади.
Божхона назорати соддалаштирилган тартибда амалга оширилади, ҳеч қандай божхона декларациялари тўлдирилмайди, транспорт воситаси рўйхатга олинмайди ва божхона кўригидан ўтказилмайди, бироқ мажбурий визуал кўрик олиб борилади.


