Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро савдони чуқурлаштириш ва кенгайтиришга тайёрлар

Дата: 17:05, 23-12-2016.

Тошкент. 23 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовни қабул қилди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

“Суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларига оид, авваламбор, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация соҳаларида ҳамкорликнинг барча йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашди. Хусусан, савдо соҳасида йирик шериклар бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистон бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришга тайёр экани таъкидланди”, - дейилади жума куни тарқатилган хабарда.

Учрашувда мамлакатларимиз яқин қўшни ва вақт синовидан ўтган ҳамкорлар сифатида Ўзбекистон ва Қозоғистонда, бутун Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдан, иқтисодий, ижтимоий тараққиёт ва фаровонликдан бирдай манфаатдор экани қайд этилди.

“Шу нуқтаи назардан, Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси этиб сайлангани ва бу Ўзбекистон томонидан кенг қўллаб-қувватлангани Марказий Осиё давлатлари манфаатларини глобал миқёсда ҳимоя қилиш учун янги имкониятлар яратади”, - деб таъкидланади хабарда.

Томонлар икки ва кўп томонлама серқирра ҳамкорликнинг бугунги даражасидан мамнуният билдириб, 1998 йил 31 октябрдаги Абадий дўстлик ва 2013 йил 14 июндаги Стратегик шериклик тўғрисидаги давлатлараро шартномалар руҳида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этдилар.

Бундан ташқари, Ш.Мирзиёев меҳмонни самимий қутлар экан, қардош Қозоғистоннинг раҳбарияти ва халқини тарихий сана – давлат мустақиллигининг 25 йиллиги билан яна бир бор самимий табриклади.

Ўз навбатида, Ерлан Идрисов давлатимиз раҳбарини Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор муборакбод этди.

Олдин хабар берилгани каби, бугун Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов қозоғистонлик ҳамкасби билан учрашди. Учрашувда иккитомонлама муносабатлар муҳокама қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: