Ўзбекистон ва Покистон барча соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштирадилар

Дата: 16:52, 18-11-2015.

Тошкент. 18 ноябр. ЎзТАГ - Ўзбекистон ва Покистон барча соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштирадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида томонлар Покистон Ислом Республикаси бош вазири Муҳаммад Навоз Шарифнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида келишиб олдилар.

Ўзбекистон президентининг матбуот хихмати хабар беришига кўра, Кўксарой қароргоҳида Покистон Ислом Республикаси бош вазирини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Навоз Шариф шоҳсупага кўтарилдилар. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазири фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ислом Каримов ва Навоз Шариф учрашувида асосий эътибор мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.

“Ўзбекистон Покистонга нафақат яқин қўшни мамлакат, балки улкан сиёсий-иқтисодий, ҳарбий-техникавий ва инсоний салоҳияти, қулай геосиёсий ўрни ва вазмин ташқи сиёсати туфайли минтақада, муҳим халқаро масалаларни ҳал этишда етакчи роль ўйнаётган давлат сифатида қарайди. Ушбу расмий ташрифингизни узоқ муддатли Ўзбекистон – Покистон муносабатларида муҳим янги босқич, мамлакатларимиз икки томонлама, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ўзаро ишонч ва очиқлик руҳидаги олий даражадаги музокараларни давом эттиришга, кўп қиррали ва манфаатли ўзаро ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга тайёр эканининг ёрқин ифодаси деб биламиз”, - деб таъкидлади Каримов.

“Ўзбекистон каби буюк мамлакатга яна бир бор ташриф буюрганимдан ғоят мамнунман. Муҳтарам Президент, Сизнинг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсатингиз самарасида Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланмоқда, барча соҳалар изчил тараққий этмоқда. Халқаро иқтисодиётдаги мураккабликларга қарамай, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши кейинги йилларда 8 фоиздан зиёд бўлиб келаётгани бунинг тасдиғидир. Олий даражадаги мулоқотларнинг мунтазамлиги самарасида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни, хавфсизлик борасидаги ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш, энергетика соҳасидаги алоқаларимизни кенгайтиришнинг янги имкониятлари пайдо бўлмоқда”, – деди Покистон бош вазири.”

Ўзбекистоннинг улкан иқтисодий салоҳияти, геостратегик ўрни, ривожланган инфратузилмаси Покистон учун муҳим аҳамиятга эга. Покистон минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги ўрни, денгиз портларига чиқиш имконияти, йирик бозори билан Ўзбекистон учун истиқболлидир.

Ўзбекистон ва Покистон Афғонистоннинг яқин қўшнилари сифатида бу мамлакатда тинчлик ўрнатилиши ва барқарорлик таъминланишидан манфаатдор. Бу мамлакатларимиз ўртасида тўғридан-тўғри транспорт тармоқларини барпо этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун имконият яратади.

Ислом Каримов ва Навоз Шариф ўзаро ҳамкорлик ривожига бевосита дахлдор бўлган мазкур масалага алоҳида эътибор қаратдилар. Афғонистон муаммосини фақат бир йўл – БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро курашаётган томонларни муросага келтириш орқалигина ҳал этиш мумкинлиги ҳақида якдил фикр билдирилди. Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалалар муҳокама қилинди.

Музокарада савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Покистонга пахта толаси, кўнчилик хомашёси, транспорт ва туризм хизматлари экспорт қилади. Покистон мамлакатимизга дори воситалари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беради, транспорт хизмати кўрсатади.

Музокарада ўзаро товар айланмаси Ўзбекистон билан Покистоннинг иқтисодий салоҳияти ва кенг имкониятлари даражасида эмаслиги таъкидланди. Фойдаланилмаётган ресурсларни ишга солиш, савдо айланмаси ҳажмини ошириш ва диверсификациялаш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Покистон ҳукуматлараро комиссияси ишини фаоллаштириш, унинг мажлисларини мунтазам ўтказишга келишиб олинди.

Томонлар Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожи нафақат мамлакатларимизнинг узоқ истиқболли манфаатларига хизмат қилиши, балки бутун минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, коммуникация ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ижобий таъсир этишини алоҳида таъкидладилар.

Музокаралар якунида Ислом Каримов ва Навоз Шариф Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, ўзаро савдо муносабатларини ривожлантириш, солиқ соҳасида қўшимча имтиёзлар яратиш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазири оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда очиқ ва амалий руҳда ўтган музокараларда ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим масалалари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилганини таъкидладилар. Ушбу ташриф ва унда эришилган келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожида янги саҳифа очиши, унга қўшимча суръат бағишлаши қайд этилди.

Покистон Ислом Республикасининг Бош вазири Муҳаммад Навоз Шарифнинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда, дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: