Ўзбекистон ва Польша дипломатик паспортлар эгалари учун визасиз режим ҳақида келишиб олдилар

Дата: 14:53, 11-09-2015.

Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Польша диппаспортлар эгалари учун визасиз режим ҳақида келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) мамлакат ТИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда.

ТИВ маълумотларига кўра, кеча, 10 сентябрда Варшавада Ўзбекистон ва Польша ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг 6-раунди бўлиб ўтган. Унда Польша делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Конрад Павлик бошчилик қилди.

“Учрашувда давлатлараро сермаҳсул ҳамкорлик ҳозирги кунда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда қарийб 50 икки томонлама ҳужжатларни ўз ичига олган мустаҳкам шартнома-ҳуқуқий асосга ҳамда ҳамкорликнинг мавжуд қўшма механизмларига асосланганлиги таъкидланди”, - дейилади ТИВнинг жума кунги хабарида.

Бундан ташқари, томонлар турли соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни, жумладан Ўзбекистон ва Польша ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни, бизнес-делегацияларнинг ўзаро ташрифларини ҳамда икки давлат инвестиция салоҳиятларига бағишланган форум ва тақдимотлар ўтказишни янада қўллаб-қувватлашга ҳам тайёрлиги билдирилди.

Шунингдек, маслаҳатлашувлар давомида Ўзбекистон-Польша кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.

“Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Польша Республикаси ҳукумати ўртасида дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисидаги Битимни имзолаш маросими ўтказилди”, - деб таъкидланади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: