Ўзбекистон ва Польша президентлари дипмуносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан бирларига табрик мактублари йўлладилар

Дата: 15:18, 28-03-2017.

Тошкент. 28 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Польша президентлари Шавкат Мирзиёев ва Анджей Дуда дипмуносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан бирларига табрик мактублари йўлладилар, деб хабар қилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

“Мамлакатларимиз ўртасида самарали муносабатлар йўлга қўйилганини мамнуният билан таъкидламоқчиман. Польша Ўзбекистонни Евроосиё минтақасидаги муҳим шерик деб билади ва мустақиллик йилларида Ўзбекистон эришган улкан ютуқларни ҳурмат қилади. Сизнинг раҳнамолигингизда Ўзбекистоннинг яқин қўшнилари билан алоқалар бўйича амалга оширилаётган янгича сиёсатни диққат билан кузатиб бормоқдамиз. Бундай яқин қўшничилик сиёсати Марказий Осиё минтақасидаги барқарорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга”, - дейилади А.Дуданинг табрик мактубида.

Польша президентининг хатида Польшада икки томонлама иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини ва бу борада улкан имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган. 

Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қутловида “Ўтган даврда икки давлат ўртасида мустаҳкам дўстлик ва ўзаро англашув анъаналарига асосланган амалий муносабатлар ўрнатилган"и алоҳида таъкидлади. 

Шунингдек, у Ўзбекистон Польша билан сиёсий-дипломатик, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо, қишлоқ хўжалиги, инвестиция ва инновациялар, туризм ҳамда бошқа кўплаб йўналишлар бўйича аниқ дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори эканини қайд этиб ўтди.

Ш.Мирзиёев мамлакатлар бундан буён ҳам “Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлик ва ишонч принциплари асосида янада мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни давом эттириши”га ишонч билдирди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: