Ўзбекистон ва Россия қарз, ҳарбий ҳамкорлик ва Афғонистон бўйича келишиб олдилар

Дата: 22:55, 10-12-2014.

Тошкент. 10 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Россия кенгайтирилган таркибдаги музокаралар доирасида қарз, ҳарбий ҳамкорлик ва Афғонистон бўйича келишиб олдилар, дея хабар беради чоршанба куни Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Россия ОАВ маълумотларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўзаро молиявий талаблар ва мажбуриятларни тартибга солиш тўғрисидаги шартномани имзоладилар, унга кўра Россия Ўзбекистоннинг $865 млн қарзидан вос кечади. Хужжатга РФ Молия вазири Антон Силуанов ва Ўзбекистон Молия вазири Рустам Азимовлар қўл қўйдилар.

Путин муҳим деб атаган соҳалардан бири ҳарбий-техник ҳамкорликдир. “Умид қиламанки, бугунги ташриф доирасида батафсил гаплашиб оламиз ва тегишли қарорлар қабул қиламиз”, – деди Путин.

Ўз навбатида, И.Каримов Афғонистондаги вазият билан боғлиқ ҳолда Россия кўмагига умид қилишини билдирди. “Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, бугун (Афғонистонда - ЎзТАГ) Ироқдаги вазият қайтарилмоқда. Афғонистонга Ироқ ва Суриядан ИЛИДнинг баъзи элементлари кириб келаётганлигини кўрсатувчи жиддий белгилар бор. Буларнинг бари тегишли қарорлар қабул қилишни талаб қилади”, – деди ўзбек етакчиси.

Эслатиб ўтамизки, бугун Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: