Ўзбекистон ва Россия Ҳавфсизлик кенгашлари котиблари Тошкентда музокаралар ўтказдилар

Дата: 15:13, 21-09-2017.

Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонга Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Н.Патрушев бошчилигидаги Россия делегацияси ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ташриф доирасида 2017 йил 20 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгашлари аппаратлари ўртасида навбатдаги маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон Ҳавфсизлик кенгаши матбуот хизматида. 

Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва божхона органлари, фавқулодда вазиятлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро алоқалар, шунингдек, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини кўриб чиқдилар. Минтақавий ва халқаро хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

Томонлар жорий йилнинг 4-5 апрел кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. 

Ташриф доирасида Россия делегациясининг Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар билан танишиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириб, унинг қабрига гул қўйиш кўзда тутилган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: