Ўзбекистон ва Россия ишлаб чиқаришда жабрланганларга тўловлар бўйича мониторинг ўтказиш ҳақида келишиб олдилар

Дата: 01:07, 04-04-2017.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Россия Меҳнат вазирликлари ўртасида ишлаб чиқаришда жабрланганларга тўловлар бўйича мониторинг ўтказиш тартиби ҳақида келишув имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги хабар бермоқда. Келишув Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов Москвада Россия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Максим Топилин билан учрашув доирасида имзоланди. Хужжатга Россия Ижтимоий суғурталаш фонди раиси Андрей Кигим томонидан ҳам қўл қўйди.

Меҳнат мажбуриятларини бажараётган вақтда етказилган талофат, соғлиққа доир зарарларни ўзаро тан олиш ҳақидаги икки мамлакат ўртасидаги битим 1994 йил 9 сентябрда имзоланган. Эндиликда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида уни амалга ошириш бўйича мониторинг ўтказиш тартиби тасдиқланди.

Мониторинг Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудида доимий равишда истиқомат қилиб, Келишувнинг 2- ва 3-моддаларига мувофиқ суғурта таъминотига эга кишиларга нисбатан қўлланилади.

“Мониторинг меҳнат фаолиятини олиб бораётган вақтда жабрланганларга ўз вақтида товон пулларини тўлаш имконини беради”, - деб таъкидлади Максим Топилин.

Шунингдек, вазирлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятига ташкиллаштирилган ҳолда амалга ошириш ҳақидаги ҳукуматлараро келишув лойиҳасини муҳокама қилишди. Ушбу хужжат меҳнат муносабатлари ва ижтимоий суғурта масалаларини мувофиқлаштиради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: