Ўзбекистон ва Россия ўқитувчилар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўядилар

Дата: 11:57, 26-09-2018.

Тошкент. 26 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Россия умумтаълим мактаблари учун ўқитувчилар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўядилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти мазкур масала бўйича Россия делегацияси билан музокаралар ўтказди. Унининг таркибига “Московский Дом соотечественников” ташкилоти директорининг биринчи ўринбосари Юрий Каплун, “Россотрудничество” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Виктор Шулика, А.С.Пушкин номидаги рус тили давлат институтининг илм-фан бўйича проректори Михаил Осадчий ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси бош маслаҳатчиси Сергей Соколовлар кирдилар.

Ўзбекистон ХТВдан маълум қилишларича, учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама этдилар.

Ўзбекистонда ҳозирги кунда ўқитувчилар етишмайди, айниқса, бу ҳолат рус тилида таълим берилаётган мактабларда сезиларли даражада. ХТВ томонидан мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида бир қатор чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, ўзбек томони учрашувда ўзбекистонлик ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Россия олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш таклифини илгари сурди.

М. Осадчий “Пушкин Институти” шерикчилик тармоғи доирасида ҳамкорлик қилишни таклиф этди. Бу эса малакали рус тили ўқитувчиларини тайёрлаш имконини беради.

Ўз навбатида, В. Шулика ҳар йили бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар Россия олий ўқув юртларига таълим олиш учун юборилишлари ҳақида таъкидлади. У мазкур ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик ёшларни педагогика йўналишлари бўйича таълим олишга йўналтиришни таклиф қилди.

Томонлар келгусида муваффақиятли натижаларга эришиш учун келгуси ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдилар.

Сурат манбаи: из http://chiroyli.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: