Ўзбекистон ва Россия ўртасида таълим ҳужжатларини ўзаро тан олиш бўйича ҳужжат имзоланди

Дата: 13:48, 31-05-2019.

Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Россия ўртасида таълим ҳужжатларини ўзаро тан олиш бўйича ҳужжат имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Россия ОАВ маълумотларига таяниб.

30 май куни Россия ва Ўзбекистон бош вазирлари иштирокида қўшма комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, Дмитрий Медведев ва Абдулла Арипов қўшма баёнотни қабул қилдилар. Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон таълим, маданият, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш ва саноат соҳаларида бир қатор ҳужжатлар имзоладилар.

Таълим, малака ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишувдан ташқари, томонлар Москвадаги Бутунроссия кўргазма маркази ҳудудида Ўзбекистоннинг кўргазма-маданий марказини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзоладилар.

Бундан ташқари, иқтисодиёт вазирлари Максим Орешкин ва Ботир Хўжаев меҳнат унумдорлигини ошириш соҳасида тажриба алмашиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.

Шунингдек, томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича йўл харитасини ҳамда тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж тармоқларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича комплекс тадбирларни қабул қилдилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2019-2020 йилларда ҳамкорлик бўйича амалий тадбирлар режаси имзоланди.

Бутунроссия ташқи савдо академияси ва Ўзбекистон инвестициялар ва Ташқи савдо вазирлиги ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни тасдиқлади.

 

Сурат манбаи: ria.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: